Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда зиёрат туризмини ривожлантириш ва Ўзбекистонга хорижий зиёратчиларни жалб этишга кўмаклашиш мақсадида «Умра плюс» халқаро туризм ассоциацияси ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги, хорижий элчихоналар ва дипломатик корпус, туризм соҳаси ҳамда халқаро ҳамкорлар вакиллари иштирок этди.
Янги тузилманинг асосий вазифаси Саудия Арабистонидаги «Умра» зиёратини Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва диний объектларига ташриф билан бирлаштиришдан иборат бўлади. Белгиланган мақсадлар қаторида хорижий зиёратчилар сонини кўпайтириш ва мамлакатнинг туристик салоҳиятини халқаро бозорларда тарғиб қилиш ҳам бор.
Дастур доирасида Индонезия, Малайзия ва бошқа давлатлардан зиёратчиларни Ўзбекистонга жалб этиш режалаштирилмоқда.
Саудия Арабистонида «Умра» зиёратини амалга оширишни Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги тарихий ҳамда диний обидаларга ташриф билан уйғунлаштирувчи маршрутларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
2026–2027 йилларга Малайзия ва Индонезиядан 100 минг нафар зиёратчини жалб қилиш бўйича йўл харитаси тасдиқланган.
Шу билан бирга, туристик хизматлар сифатини ошириш, авиақатновларни кенгайтириш, хорижий туроператорлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро бозор талабларини инобатга олган ҳолда янги туристик маҳсулотлар яратиш режалаштирилмоқда.
Таклифлар орасида Куала-Лумпурдан Саудия Арабистонига Самарқанд ёки Бухоро орқали транзит туристик маршрутларни йўлга қўйиш ҳам бор. Кутилишича, бундай маршрутлар Ўзбекистоннинг транспорт-логистика имкониятларини зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти билан бирлаштириш имконини беради.
Тадбир давомида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳузуридаги «Туристик маҳсулотларни ривожлантириш лойиҳа офиси» давлат муассасаси ва «Умра плюс» халқаро туризм ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди.
Ҳужжат қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришни назарда тутади.
«Умра плюс» дастурини амалга ошириш механизмлари Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги 6-сон қарори билан белгиланган. Ҳужжатга кўра, 2026 йил охирига қадар мазкур дастур доирасида Малайзия ва Индонезиядан туристларни жалб қиладиган туроператорларга ҳар бир турист учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади.
Ассоциация ташкилотчилари уни халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, хорижий туристик бозорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистонни зиёрат туризми йўналиши сифатида тарғиб қилиш учун платформага айлантиришни режалаштирмоқда.
