in

Наманганда замонавий автобуслар сони 130 тага етди

Тошкент, Ўзбекистон — Наманган шаҳрида жамоат транспортини янгилаш ишлари давом этмоқда. Шаҳарда замонавий автобуслар сони 130 тага етди.

Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-59-сон қарори ижроси доирасида тадбиркорлар Наманган шаҳрига 108 та замонавий автобус олиб келди. Ушбу автобуслар асосида брутто-шартномалар тизими бўйича 10 та йўналишда йўловчи ташиш хизматлари йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, экологик тоза транспорт воситаларининг улуши ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, «Firdavs trans servis» МЧЖ 12 та «Yutong» русумли автобус харид қилди. Вилоят ҳокимлиги маълумотларига кўра, бу 25 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Янги автобуслар тақдимоти Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда тегишли ташкилотларнинг масъул вакиллари иштирокида ўтказилди.

Тадбир давомида иштирокчилар янги транспорт воситалари, уларнинг техник хусусиятлари ҳамда йўловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Шунингдек, автобусларни шаҳар йўналишларида эксплуатация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Сентябрь ойида «Turon-95 MBI» МЧЖ томонидан «Zhongtong» русумли яна 10 та замонавий электробус фойдаланишга топширилди.

Шу тариқа, автобуслар паркини замонавий ва экологик тоза транспорт воситалари ҳисобига янгилаш ишлари давом этмоқда.