Тошкент, Ўзбекистон — Мозори-Шариф ва Шибирғон шаҳарларида Хоразм вилояти ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми ва B2B учрашувлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Хоразм вилояти делегациясига вилоят ҳокими ўринбосари Алишер Дусчанов раҳбарлик қилди. Иштирокчилар таркибидан қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда гиламдўзлик соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ўрин олди.
Музокаралар давомида томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди. Устувор йўналишлар сифатида қишлоқ хўжалиги, паррандачилик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қайд этилди.
Балх ва Жўзжон вилоятларининг савдо-инвестиция палаталари ўзбек ҳамкорлари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва савдо ҳажмини оширишга тайёр эканини билдирди.
B2B музокаралари доирасида икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари қатор келишувларни имзолади. Ҳужжатлар қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, дон ва ун ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари соҳаларидаги ҳамкорликни қамраб олди.
Бундан ташқари, тадбирлар доирасида Ўзбекистон ва Афғонистон ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ўтказилди.
Учрашувлар якунида томонлар ноябрь ойида Балх ва Жўзжон вилоятлари тадбиркорларининг Хоразм вилоятига бизнес-миссиясини ташкил этишга келишиб олди. Музокараларни давом эттириш ва аниқ инвестиция лойиҳаларини келишиш режалаштирилмоқда.
