in

Ўзбекистон ва Финляндия рақамли ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Финляндия Республикасига амалга ошираётган хизмат сафари доирасида Финляндиянинг Давлат бошқаруви институти — HAUS Finnish Institute of Public Management'га ташриф буюрди ҳамда институт директори Кёсти Вякевяйнен билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида томонлар 2025 йил 29 октябрь — 1 ноябрь кунлари Финляндия Республикаси Президенти Александр Стуббнинг Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари иштирокида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Финляндиянинг Давлат бошқаруви институти (HAUS) ўртасидаги Англашув меморандуми”нинг амалий ижроси юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Учрашувда давлат хизматлари шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимига илғор фин тажрибасини жорий этиш, сунъий интеллект технологияларини таълим жараёнларига интеграция қилиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, ёш мутахассислар салоҳиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, АТ соҳаси ходимларини қўллаб-қувватлаш, ўзбек стартапларининг халқаро бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда рақамли инновациялар соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида вазир Шерзод Шерматов HAUS Finnish Institute of Public Management томонидан Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси лавозимига Нина Нива номзоди йўллангани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у Нина Ниванинг икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни самарали амалга оширишга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Рақамли таълимни ривожлантириш йўналишида HAUS ва Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ўртасида хамкорлик меморандуми имзоланди. Бунда, HAUSнинг эОппивиа таълим платформасини 5 миллион сунъий интекллект етакчилар (aileaders.uz) платформасига интеграция килиш орқали Финляндия таълим контентлари ўзбек фойдаланувчиларига тақдим этилади.