Тошкент, Ўзбекистон — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов MegaSec компанияси директори Габил Гасймов бошчилигидаги делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида киберхавфсизлик, сунъий интеллект, ахборот инфратузилмасини ҳимоя қилиш соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар рақамли трансформация жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий мутахассислар салоҳиятини ошириш ва замонавий технологияларни жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Мулоқотда Ўзбекистонда киберхавфсизлик соҳасида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар АI слоуд инфратузилмасини ривожлантириш ва “Cybersecurity Center”ташкил этиш ташаббуслари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, критик ахборот инфратузилмасини муҳофаза қилиш ҳамда киберхавфсизлик соҳасидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий қилиш суръати жадал ўсиб бораётган бир пайтда, киберхавфсизлик тизимларини ҳам шунга мос равишда ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
