in

Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси Ақтауда 13 та медаль қўлга киритди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида ўтказилган Aktau Asian Open 2026 турнирида бешта олтин медаль қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Фотимахон Турсунбоева, Диёрa Келдиёрова, Низомиддинхўжа Тошпўлатов, Миржалол Нормуминов ва Муҳаммадали Тангриев мусобақа чемпионлари бўлди.

Мусобақанинг биринчи куни ўзбекистонлик спортчилар учта олтин медальни қўлга киритди. 48 кг гача бўлган вазн тоифасида Фотимахон Турсунбоева ғолиб бўлди, иккинчи ўринни Қозоғистон вакили Сымбат Тағай эгаллади.

Ушбу вазн тоифасида яна бир ўзбекистонлик дзюдочи Ҳалимажон Қурбонова бронза медалига сазовор бўлди. 52 кг гача бўлган вазнда Диёрa Келдиёрова биринчи ўринни эгаллади, Озарбайжон вакили Фарида Мирзаева эса кумуш медаль олди. Умида Жуманиязова мазкур вазнда бешинчи бўлди.

Эркаклар ўртасида биринчи кунги баҳсларда 73 кг гача бўлган вазнда мусобақада ғолиб чиққан Низомиддинхўжа Тошпўлатов Ўзбекистонга олтин медаль келтирди. Иккинчи ўринни озарбайжонлик Камран Сулаймонов эгаллади. Аёллар ўртасида 57 кг гача бўлган вазнда Муҳайё Ахматова бронза медалига сазовор бўлди, Нилуфар Ермаганбетова эса бешинчи ўринни олди. 63 кг гача бўлган вазнда Сарвиноз Ҳусанова учинчи бўлди, Гуласал Облоқулова эса еттинчи ўринни эгаллади.

Мусобақанинг иккинчи куни терма жамоа яна иккита олтин медаль билан ҳисобини тўлдирди. 100 кг гача бўлган вазнда Миржалол Нормуминов ғалаба қозонди, россиялик Муҳаммад-Али Матаев кумуш медаль олди. 100 кг дан юқори мутлақ вазн тоифасида Муҳаммадали Тангриев биринчи ўринни эгаллади, Қозоғистон вакили Мейиржан Абдималиков эса иккинчи бўлди.

Ўзбекистон дзюдочилари энг кўп медални 90 кг гача бўлган вазнда қўлга киритди. Ушбу тоифада улар учта медаль соҳиби бўлди. Рамазон Аллабердиев финалда фақат қозоғистонлик Ермахан Ануарбековга ютқазиб, кумуш медаль билан тақдирланди. Азизбек Авазмуродов ва Султонбек Абдушукуров эса шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди.

Аёллар ўртасида 78 кг гача бўлган вазнда яна бир кумуш медални Шинар Ибраева қўлга киритди. Бу вазнда Беларусь вакили Дарья Канцовая ғолиб бўлди. Севинч Маҳмуджонова мазкур вазн тоифасида еттинчи ўринни эгаллади. 70 кг гача бўлган вазнда Фарангиз Хўжиева бронза медалига сазовор бўлди, Гулина Облоқулова эса бешинчи бўлди. Зулфиддин Усмонов 81 кг гача бўлган вазнда еттинчи ўринни эгаллади.

Медаллар жамғариш бўйича биринчи ўринни Қозоғистон терма жамоаси эгаллади. Унинг ҳисобида еттита олтин, олтита кумуш ва 13 та бронза медали бор.

Озарбайжон жамоаси битта олтин, бешта кумуш ва саккизта бронза медали билан учинчи ўринни эгаллади. Беларусь битта олтин ва битта бронза медалига, Россия эса битта кумуш медалга сазовор бўлди.