in

Ўзбекистон ва WAKO кикбоксингни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икрамов Тошкентга кикбоксинг бўйича Uzbekistan Kickboxing World Cup 2026 Жаҳон кубогида иштирок этиш учун келган Жаҳон кикбоксинг ташкилотлари ассоциацияси (WAKO) президенти Рой Бейкер билан учрашди.

Томонлар мамлакатда кикбоксингни ривожлантириш истиқболлари, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва спортчилар учун янги имкониятлар яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Мусобақа 13–18 октябрь кунлари Тошкентда WAKO ҳомийлигида, Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси ташкилотчилигида ўтказилмоқда. Унда 48 дан ортиқ мамлакатдан 2530 нафардан зиёд спортчи ва расмий делегациялар вакиллари иштирок этмоқда.

Учрашувда Ўзбекистонда кикбоксинг билан шуғулланувчилар сони ортиб бораётгани, миллий спортчилар эса халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этаётгани таъкидланди.

Адҳам Икрамов, шунингдек, Бейкерга давлат раҳбари ташаббуси билан барпо этилган Олимпия шаҳарчаси ҳақида видеоматериал тақдим этди. У спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва атлетларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Ташриф доирасида WAKO президенти Олимпия шаҳарчаси ҳудудидаги Спорт вазирлиги маъмурий биносида жойлашган Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейи филиалига ҳам борди.

У музейда ўзбек спортчиларининг ютуқлари ва халқаро майдонда эришган натижалари билан танишди.

Ташриф якунида Рой Бейкер фахрий меҳмонлар китобига эзгу тилаклар битилган хотира ёзувини қолдирди.