in

Нилуфар Аллабергенова Тошкент прокурори ўринбосари этиб тайинланди

Тошкент, Ўзбекистон — Нилуфар Аллабергенова Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари этиб тайинланди. Ушбу тайинловга қадар пойтахтнинг Яккасарой тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

Аллабергенованинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан туман ҳокими лавозимидан озод этилгани ҳақидаги маълумот Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланди.

Унинг Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида шаҳар прокуратураси ҳам хабар берди.

Нилуфар Анваровна Аллабергенова 1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Турли йилларда пойтахтнинг Яшнобод, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманлари прокурорларининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Аллабергенова 2023 йил 9 октябрда Яккасарой тумани ҳокими этиб тайинланган. У Тошкент шаҳрида туман ҳокими этиб тайинланган биринчи аёл бўлган.