in

Ўзбекистонда зўравонликдан жабрланган болаларни ҳимоя қилиш кучайтирилади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда зўравонликдан жабрланган болаларнинг судга қадар тергов ва суд муҳокамаси жараёнларида ҳимоясини таъминлаш кафолатлари кучайтирилади.

Тегишли чора-тадбирлар Президентнинг 2026 йил 14 октябрдаги ПҚ-375-сон қарорида белгиланган бўлиб, ҳужжат болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Қарорга мувофиқ, Самарқанд шаҳрида Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази ҳузурида «Нажот» болалар маркази ташкил этилади.

Марказ бола манфаатларини ҳисобга олган ҳолда зарур тартиб-таомилларни ташкил этишни назарда тутувчи халқаро Barnahus модели асосида фаолият юритади.

2026 йил 20 октябрдан бошлаб марказда жинсий эркинлик ва жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар, шунингдек, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга қаратилган жиноятлардан жабрланган болалар билан процессуал ҳаракатлар ўтказилади. Бу Самарқанд вилоятидаги ишлар бўйича жабрланувчи деб топилган болаларга тааллуқли.

Марказда сўроқ қилиш, эксперт текширувлари учун намуналар олиш, экспертизалар ўтказиш, таниб олиш ва бошқа зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Болалар билан ишлаш психолог хулосаси асосида ва махсус тайёргарликдан ўтган прокурор иштирокида амалга оширилади.

Барча процессуал ҳаракатлар аудио ва видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Ушбу ёзувлар жиноят иши бўйича далил сифатида эътироф этилади. Бу болани судга қайта чақириш заруратининг олдини олиш имконини беради.

Бундан ташқари, қарорда зўравонликдан жабрланган боланинг қонуний вакили иштирокисиз гумон қилинувчи ёки айбланувчи, уларнинг қариндошлари ва ҳимоячилари билан бевосита учрашуви тақиқланган.

Самарқанд тажрибаси асосида Barnahus моделини мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар корпусини шакллантириш режалаштирилган. Жиноят ишига жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида жалб қилинган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатишга мўлжалланган 1246 махсус телефон линияси ягона 112 диспетчерлик хизмати билан интеграция қилинади.

Маълумотлар алмашинуви «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали ташкил этилади.