in

Ўзбекистонда иқлимга хизмат кўрсатиш миллий асоси жорий этилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Яшил иқлим жамғармаси кўмагида Иқлимга хизмат кўрсатиш миллий асоси (ИҲКМA) босқичма-босқич жорий этилмоқда.

ИҲКМАни жорий этиш бўйича Ҳаракатлар режаси ҳамда Ўзгидрометнинг иқлимга хизмат кўрсатиш бизнес-модели ишлаб чиқилди. Улар иқлим хизматларидан фойдаланувчилар билан аллақачон муҳокама қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури хабар берди.

БМТТД блогига кўра, Ўзгидрометнинг гидрометеорологик таъминот бўлими бошлиғи Ҳусан Турсунов ва БМТТДнинг эрта огоҳлантириш тизимларини модернизация қилиш лойиҳаси иқлим хавфлари бўйича эксперти Александр Меркушкиннинг таъкидлашича, кейинги босқич Ҳаракатлар режасини қабул қилиш ва уни амалга оширишдан иборат бўлади.

Режа тўрт йилгача бўлган муддатга мўлжалланган.

Муаллифларнинг қайд этишича, гидрометеорологик маълумотларга нафақат соҳа мутахассислари, балки давлат идоралари, суғурта компаниялари, хусусий сектор ва аҳоли ҳам тобора кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Улар буни тасдиқлаш учун Ўзгидрометга келиб тушган сўровлар статистикасини келтирган.

2025 йилда суғурта компанияларидан 48 та, Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан 19 та, Ички ишлар вазирлигидан 12 та ва бошқа ташкилотлардан 132 та сўров келиб тушган.

2026 йилнинг биринчи ярмида суғурта компаниялари 68 та сўров юборган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг бутун давридаги натижадан ҳам юқори. Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан 4 та, бошқа ташкилотлардан эса 74 та сўров келиб тушган.

Иқлимга хизмат кўрсатиш миллий асоси — Жаҳон метеорология ташкилотининг миллий иқлим хизматлари тизимларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусидир.