Тошкент, Ўзбекистон — Қарши шаҳрига Ўзбекистон Президентининг «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (ПҚ-59-сон) қарори ҳамда шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаси доирасида хусусий тадбиркорлар томонидан харид қилинган 38 та замонавий автобус келтирилди.
Янги техникани топшириш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Мурот Азимов, жамоатчилик вакиллари, масъул мансабдор шахслар, тадбиркорлар ҳамда ҳайдовчилар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят раҳбари жамоат транспортини янгилаш ишлари Президент ташаббуси билан амалга оширилаётганини, бу эса йўловчи ташиш хизматлари сифатини ошириш ва аҳоли учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилганини таъкидлади. Маросимдан сўнг ҳайдовчиларга янги автобуслар калитлари топширилди, иштирокчилар эса уларнинг техник жиҳозланиши билан танишди.
Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, янги автобуслар Қарши транспорт тизимини ривожлантириш бош режасида назарда тутилган иккита йўналишда хизмат кўрсатади.
Янги автобуслар ишга туширилгач, брутто-контракт тизими асосида хизмат кўрсатадиган автобус йўналишлари сони 14 тага етади. Ушбу йўналишларда ҳаракатланадиган автобуслар умумий парки эса 164 тани ташкил этади.
