in

Фарғона вилояти ҳокими эксперт билан рақамли лойиҳаларни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров халқаро стратегик инновациялар бўйича эксперт, ахборот технологиялари, сунъий интеллект (СИ) ва рақамли трансформация соҳаларида катта тажрибага эга мутахассис Самер Шидиакни қабул қилди.

Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти вакиллари ҳам иштирок этиб, вилоят иқтисодиётини инновацион ривожлантириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, саноат тармоқларини модернизация қилиш, қурилиш материаллари соҳасидаги Форсайт офисини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими мазкур йўналиш жадал суръатларда ривожланаётганини таъкидлаб, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва малакали кадрлар тайёрлаш устувор вазифалардан бири эканини қайд этди. Шунингдек, бу борада қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини билдирди.

Мулоқотда Фарғона вилоятининг саноат ва инвестиция салоҳияти, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, инновацион экотизимни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва стартаплар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Самер Шидиак Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестиция муҳитини юқори баҳолаб, инновациялар ва стратегик ривожланиш йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида замонавий бошқарув ёндашувлари ва илғор халқаро тажрибаларни Фарғона вилоятида жорий этиш, шунингдек, амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида келишиб олинди.