Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳужжатда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим туманларида жойлашган иссиқхона хўжаликлари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкаларини ошириш таклиф этилган.
Лойиҳага мувофиқ, ўн баробарлик солиқ ставкалари Тошкент шаҳри, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида жойлашган иссиқхоналарга нисбатан қўлланилиши таклиф қилинмоқда. Бунда ушбу объектларга амалдаги солиқ имтиёзлари татбиқ этилмайди.
Иситиш қурилмалари (қозонхоналари) демонтаж қилинган, шунингдек, электр иситиш тизимидан фойдаланувчи иссиқхоналар учун истисно назарда тутилган. Бундай иссиқхоналар ҳақидаги маълумотларни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган тақдим этади.
Худди шундай тартиб мазкур иссиқхоналар жойлашган ер участкаларига нисбатан ҳам қўлланилиши таклиф этилмоқда. Улар учун ер солиғи қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган ставканинг ўн баробари миқдорида, солиқ имтиёзлари қўлланилмаган ҳолда ҳисобланади. Қозонхонаси бўлмаган ва электр иситишдан фойдаланувчи иссиқхоналар учун бу ҳолатда ҳам истиснолар назарда тутилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таъкидлашича, таклиф этилаётган ўзгартишлар энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, замонавий ва экологик барқарор иссиқхона инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.
