in

Ўзбекистон ОТМларига 677 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда 2026/2027 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул бўйича абитуриентларнинг онлайн рўйхатдан ўтиши якунланди. Жами 677 907 нафар абитуриент ҳужжат топширди.

Рўйхатдан ўтганларнинг умумий сонидан 451 744 нафари ёки 66,6 фоизи жорий йил битирувчилари, яна 226 163 нафари ёки 33,4 фоизи эса аввалги йилларда таълим муассасаларини тамомлаган.

Абитуриентлар орасида 365 196 нафар ёки 53,9 фоизни аёллар, 312 711 нафар ёки 46,1 фоизни эркаклар ташкил этмоқда.

Кириш тест синовларини 664 609 нафар абитуриент топширади. Яна 36 500 нафар абитуриент ижодий кириш синовлари назарда тутилган таълим йўналишларини танлаган, 10 581 нафар абитуриент эса олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида 24 526 та халқаро сертификат тасдиқланган. Шунингдек, 193 186 нафар абитуриент умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро сертификатлар билан, 125 354 нафар эса хорижий тиллар бўйича сертификатлар билан рўйхатдан ўтган.

Барча фанлар бўйича миллий ёки халқаро сертификатларга эга бўлган 12 997 нафар абитуриент кириш тест синовларидан тўлиқ озод этилган. Улар тўғридан-тўғри танлов босқичига қўйилади.

Қабул кампаниясини ўтказиш учун 64 та йирик имтиҳон майдончаси тайёрланган. Улар бир сменада 35 490 нафар, бир кун давомида эса 70 980 нафар абитуриентни қабул қилиш имкониятига эга.

Кириш тест синовлари ўн кун давомида ўтказилади.