Тошкент, Ўзбекистон — Польша Республикасига амалга оширилаётган бизнес-миссия доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ҳамда Ўзбекистоннинг Польша Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Польша Сенати Маршалининг ўринбосари Михал Каминьский билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Польша ҳудудида Ўзбекистон маҳсулотларини Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро бозорларга самарали етказиб беришга хизмат қиладиган логистика хабини ташкил этиш истиқболлари бўлди.
Қайд этилганидек, мазкур хаб ўзбек экспортчилари учун Европа бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш, маҳсулотларнинг тезкор тақсимланишини таъминлаш ҳамда янги экспорт йўналишларини очишда муҳим аҳамият касб этади.
Томонлар мазкур ташаббусни амалга ошириш бўйича амалий ҳамкорликни давом эттириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш ва қўшма лойиҳаларни қўллаб- қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
