Тошкент, Ўзбекистон — Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати вакили сифатида Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти (Islamic Organisation for Food Security) Уставига расман имзо чекди.
Мазкур ҳужжат Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ҳамда қўшма ҳамкорлик платформасини шакллантиришни кўзда тутади.
Ташкилот Низоми дастлаб 2013 йилда қабул қилинган бўлиб, у аъзо давлатларнинг мавжуд ресурсларини бирлаштириш, илғор тажриба ва технологиялар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда соҳага инвестициялар жалб қилишни рағбатлантиришга қаратилган.
Айтиш керак, вазир Иброҳим Абдураҳмоновнинг Ўзбекистон номидан ушбу муҳим Низомнинг имзолаши мамлакатнинг ИҲТга аъзо давлатлар билан кўп томонлама аграр ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, бу қадам Ўзбекистоннинг глобал озиқ-овқат танқислиги, иқлим ўзгариши оқибатлари, чўлланиш ва ерларнинг шўрланиши каби долзарб муаммоларга қарши халқаро саъй-ҳаракатлардаги иштирокини янада кенгайтиради.
