Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фахрий мақомига эга фуқароларни ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чораларини тизимлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Қонун лойиҳаси билан фахрийлар мақоми, тоифалари ҳамда масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари белгиланмоқда. Шунингдек, фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёз ҳамда кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Лойиҳага кўра, муайян бир соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар мобайнида виждонан намунали меҳнат қилиш орқали давлат ҳамда жамият эътирофига сазовор бўлган жисмоний шахсларга фахрий мақоми берилади.
Мазкур мақомни олган фуқаролар санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш, уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тўловларини олиш, солиқ ва пенсияга оид имтиёзлардан фойдаланиш каби бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади.
Шунингдек, фахрийларнинг амбулатор даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиши, маданият ва кўнгилочар муассасалар (спорт, театр, моддий маданий мерос объектлари) ҳамда музейларнинг пулли хизматларидан имтиёзли фойдаланиши белгиланмоқда.
Белгиланаётган нормалар билан фахрийларга бериладиган барча имтиёз ва кафолатлар қонун билан белгиланиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш янада мустаҳкамланади. Фахрийларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлар тартибга солинади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
