Тошкент, Ўзбекистон — 5–18 август кунлари Пекин ва Сиань шаҳарларида «Ўзбекистонда кончилик саноатини барқарор ривожлантириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда унга қарашли ташкилотлар мутахассислари иштирок этди. Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хабар берди.
Семинар иштирокчилари тармоқнинг стратегик ривожланиши ва трансформацияси учун масъул ходимлардан иборат бўлди. Тадбир доирасида улар Хитойнинг геология ва тоғ-кон саноати соҳасидаги тажрибаси, шунингдек, минерал ресурслардан оқилона фойдаланиш ёндашувлари билан танишди.
ESG тамойилларини қўллаш, экологик мониторинг ва геологик жараёнларни рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Семинар давомида олинган билимлар Хитой кончилик саноатида қўлланилаётган амалий ечимлар билан танишиш орқали бойитилди.
Сиань шаҳрида иштирокчилар геология-қидирув жараёнларини рақамлаштиришга мўлжалланган «Geosite» тизими билан танишдилар.
Бундан ташқари, улар Хитойнинг йирик саноат корхоналарида барқарор ривожланиш соҳасида тўпланган амалий тажрибани ўргандилар.
Семинар геологияни ривожлантириш, минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, экологик жиҳатлар ва тоғ-кон саноатини рақамли трансформация қилиш билан боғлиқ йўналишларда тажриба алмашишга бағишланди.
