in

Тошкент осмонида самолёт-лаборатория парвозлари бошланади

Тошкент, Ўзбекистон — 20 августдан Тошкент осмонида аэропортларнинг аэронавигация тизимларини самолёт-лаборатория ёрдамида режали текшириш парвозлари бошланади. Парвозлар бир неча кун давом этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати «Ўзаэронавигация» марказига таяниб хабар берди.

Пойтахт аҳолисидан ушбу парвозлар сабабли хавотирга тушмаслик сўралди. Таъкидланишича, парвозлар режали текширувлар доирасида амалга оширилади.

Самолёт айрим ҳудудлар устидан бир неча марта нисбатан паст баландликда — тахминан 1000 метрда учиши мумкин.

Текширувлар аэронавигация тизимларининг ишлашини баҳолаш билан боғлиқ. Апрель ойида «Ўзаэронавигация» маркази томонидан аэродромларнинг радиотехник воситалари ва ёруғлик-сигнал ускуналарини текшириш ҳамда калибрлаш, шунингдек, махсус вазифаларни бажаришга ихтисослашган Avion авиакомпанияси ташкил этилгани хабар қилинган эди.

Бундай ишлар учун Diamond DA62 MPP самолёти харид қилинган. У аэронавигация тизимларининг халқаро талаблар ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) стандартларига мувофиқлигини баҳолаш учун мўлжалланган юқори аниқликдаги ускуналар билан жиҳозланган.

Аввал бундай текширувларни ўтказиш учун Қозоғистондан самолёт жалб қилинган. Ўз операторининг ташкил этилиши асосий текширувларни ички имкониятлар ҳисобидан амалга ошириш имконини беради.