Тошкент, Ўзбекистон — 17–19 июль кунлари Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа линиясида поездлар қисқартирилган жадвал асосида — соат 06:00 дан 22:30 гача ҳаракатланади. Бу ҳақда пойтахт метрополитени матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу даврда мутахассислар ер усти ҳалқа линиясидаги барча 14 та станциянинг конструктив ва техник ҳолатини батафсил текширувдан ўтказади.
Метрополитенда таъкидланишича, профилактика ишлари инфратузилманинг ишончли эксплуатациясини таъминлаш, унинг жорий ҳолатини қўшимча таҳлил қилиш, шунингдек йўловчилар хавфсизлиги ва қулайлиги даражасини оширишга қаратилган.
Йўловчилардан сафарларни режалаштиришда жадвалдаги вақтинчалик ўзгаришларни инобатга олиш сўралди. Шунингдек, етказилган ноқулайликлар учун узр билдирилди.
Техник текширув ўтказиш тўғрисидаги қарор 16 июль куни Turon станциясида содир бўлган ҳодисадан сўнг қабул қилинди. «Тошкент метрополитени» ДУК маълумотига кўра, соат 14:34 да йўловчилар платформасига шифтнинг декоратив қоплама элементлари қисман қулаб тушган.
Ҳодиса оқибатида икки нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган ва уларга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Айни пайтда мутахассислар конструкцияларни техник текшириш ишларини давом эттирмоқда ҳамда ҳодиса сабабларини аниқламоқда.
