Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда мамлакатимизнинг Кувайтдаги элчихонаси ташаббуси билан 165 нафар Ироқ Курдистони тадбиркорларидан иборат делегация Ўзбекистонга етиб келди.
Савдо-саноат палатаси ушбу ташриф Палата раиси Даврон Вахобовнинг 2025-йил декабрь ойида Ироққа ишчи ташрифи давомида эришилган келишувларнинг давоми эканлигини маълум қилди.
Эрбил вилояти — Ироқнинг муҳим иқтисодий ва логистика марказларидан бири бўлиб, мамлакатнинг йирик инвестиция ва савдо ҳаби сифатида эътироф этилади.
Делегация таркибига Ироқ Курдистони минтақаси Савдо-саноат палаталари федерацияси бошчилигида Эрбил, Сулаймония, Дуҳок, Ҳалабжа ва Киркук савдо-саноат палаталари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари кирган.
Ташриф доирасида 17-18 июль кунлари:
Тошкент шаҳарида Ўзбекистон – Ироқ Қурдистон минтақаси Савдо-саноат палаталари форумини ўтказиш,
заргарлик соҳасида фаолият юритувчи корхона фаолияти билан танишиш;
электротехника, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати кўргазмаларига ташриф буюриш режалаштирилган.
Мазкур ташриф ўзбек ва Ироқ Курдистони тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни муҳокама қилиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.
