in

Озарбайжонда Chevrolet автомобилларини тўлиқ цикл асосида ишлаб чиқарувчи завод 2027 йил ўрталарида ишга туширилади

Тошкент, Ўзбекистон — Озарбайжоннинг Ҳожиқабул шаҳрида тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга автомобиль заводи қурилиши 2027 йил ўрталарида якунланиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев Report.az нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Лойиҳа Azermash CP компанияси ва «Ўзавтосаноат» АЖ ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг иккинчи босқичи умумий қиймати 84,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

«Асосий тайёргарлик ишлари якунланди: етказиб берувчилар аниқланди, технологик ускуналар ва ишлаб чиқариш линиялари учун буюртмалар жойлаштирилди. Ҳозирда янги ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши давом этмоқда. У ерда, жумладан, Chevrolet Cobalt моделини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади», — деди Хуррам Тешабаев.

Корхона ишга туширилгандан сўнг ишлаб чиқариш йирик узелли йиғишдан тўлиқ саноат циклига ўтади. Бу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ва модель қаторини кенгайтириш имконини беради.

Ҳожиқабулдаги корхонада Chevrolet енгил автомобиллари ва Isuzu автобусларини йирик узелли йиғиш 2022 йилда йўлга қўйилган эди. Шу вақтгача бу ерда 9 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилган.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, иккинчи босқичнинг асосий вазифаларидан бири локаллаштириш даражасини босқичма-босқич оширишдан иборат.

«Лойиҳа доирасида Озарбайжонда ишлаб чиқарилаётган бутловчи қисмлардан фойдаланишни кенгайтириш, маҳаллий етказиб берувчилар тармоғини шакллантириш ҳамда янада мураккаб технологик жараёнларни ўзлаштириш кўзда тутилган», — дея изоҳ берди у.

Хуррам Тешабаевнинг сўзларига кўра, бу мамлакат ичида яратиладиган қўшилган қийматни оширишга хизмат қилади ҳамда Озарбайжонда замонавий автомобиль ишлаб чиқариш экотизимини шакллантиришга ҳисса қўшади.