Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Спикер Нуриддин Исмоиловнинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Озарбайжон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гусейн Гулиев билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаб амалга ошираётган одилона сиёсати натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17-18 май кунлари Озарбайжон Республикасига амалий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги сифат босқичига кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Н.Исмоилов элчининг Ўзбекистон — Озарбайжон муносабатларини мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида, Г. Гулиев самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, дипломатик фаолияти давомида буюк ўзбек тарихий сиймоларининг ҳаётини, шунингдек, мамлакатнинг бой тарихини ўрганиш имконига эга бўлгани ва бу унда чуқур таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, элчи ўзбек ва озарбайжон халқлари бир-биридан ажратиб бўлмайдиган қардош халқлар экани, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини қайд этди.
Мулоқотда сўнгги йилларда парламентлараро алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланиб, фаол муносабатлар ва стратегик шериклик шароитида олий даражада эришилган келишувларнинг самарали ижросини таъминлашда парламентларнинг ролини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув очиқ ва дўстона руҳда ўтди.
