Тошкент, Ўзбекистон — Болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан асраш ҳамда вояга етмаганлар билан ишлайдиган соҳаларга зўравонлик билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг кириб келишининг олдини олиш борасида қонунчиликда қатор механизмлар белгиланган.
Жумладан, 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан алоҳида тоифадаги шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланган ҳамда бундай шахсларнинг реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби белгилаб берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги ПФ-33-сонли Фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларга оид махсус реестр юритиш тизимини такомиллаштириш, уларни мониторинг қилиш ҳамда вояга етмаганлар билан ишлайдиган ташкилотларга реестрдаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятини яратиш вазифалари белгиланган.
Аммо амалиётда ушбу талабларнинг ижроси, жумладан, реестрдаги маълумотлардан фойдаланиш ва вояга етмаганлар билан ишлайдиган ташкилотларда тегишли назорат механизмларининг қўлланилиши юзасидан қатор масалалар мавжуд.
Шу муносабат билан сенатор М. Қодирхонова Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Н. Ариповга сенатор сўрови юборди.
Сўровда соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларга оид махсус реестрнинг ҳолати ва ундан амалиётда фойдаланиш даражаси, вояга етмаганлар билан ишлайдиган давлат органлари ва ташкилотлар томонидан реестрга оид маълумотларни олиш учун юборилган сўровлар сони ва натижалари, шунингдек, реестрга киритилган шахсларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот бериш сўралган.
Шунингдек, аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида асослантирилган тушунтиришлар ҳам олиш назарда тутилган.
