Тошкент, Ўзбекистон — IT Park Uzbekistan ва Alibaba Group сунъий интеллект, булутли технологиялар ҳамда технологик стартапларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда IT Park Uzbekistan хабар берди.
IT Park Uzbekistan стратегик ривожланиш бўйича директори Маҳлиё Муксинованинг Alibaba Group International Government Affairs йўналиши раҳбари Frank Ludwin Schaefer билан учрашуви ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистон мутахассислари ва компанияларининг Alibaba Group халқаро технологик экспертизасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, сунъий интеллект ва булутли ечимлар соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.
Ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишларидан бири IT Park резидентлари ва Ўзбекистон мутахассислари учун Alibaba Cloud’нинг сунъий интеллект бўйича таълим дастурларини йўлга қўйиш бўлиши мумкин. Бундай дастурлар доирасида техник воркшоплар ўтказиш ва профессионал сертификатлашга тайёргарлик кўриш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, айрим ўзбекистонлик стартапларга сунъий интеллект асосидаги ечимларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва кейинчалик такомиллаштириш учун Alibaba Cloud ресурсларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш масаласи муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, томонлар Alibaba Cloud экспертлари ва IT Park Uzbekistan стартап экотизими вакилларини жалб қилган ҳолда қўшма AI-хакатонлар ва инновацион челленжлар ўтказиш имкониятини кўриб чиқди.
Бундай форматлар сунъий интеллект соҳасида амалий кўникмаларни ривожлантириш, янги технологик ечимларни синаб кўриш ва стартапларни халқаро мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
IT Park Uzbekistan ва Alibaba Group ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йилдан бери ривожланиб келмоқда. Дастлабки босқичда асосий эътибор электрон тижорат ва Ўзбекистон компанияларининг Хитой бозорига чиқиш имкониятларига қаратилган.
2025 йил июнь ойида Alibaba Cloud ва Alibaba.com вакиллари билан ўтказилган музокараларда ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. 2026 йил июль ойида ҳамкорлик кун тартибига қўшимча равишда сунъий интеллект, булутли технологиялар ва рақамли инфратузилма масалалари киритилган.
Alibaba Group 1999 йилда ташкил этилган бўлиб, электрон тижорат, булутли ҳисоблаш, рақамли медиа, логистика ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш йўналишларини бирлаштиради.
Гуруҳнинг рақамли платформалари 200 дан ортиқ мамлакат ва минтақада фаолият юритади.
Alibaba Cloud гуруҳнинг асосий технологик йўналишларидан бири ҳисобланади.
