in

Infinity Copper Group Европага мис экспортини кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — O‘zeltexsanoat уюшмаси таркибига кирувчи Infinity Copper Group (ICG) корхонаси мис маҳсулотларини Франция ва Польша бозорларига экспорт қилишни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди. Бу ҳақда O‘zeltexsanoat уюшмаси хабар берди.

21–26 сентябрь кунлари Франция ва Польшада ўтказилган бизнес-миссиялар ҳамда Made in Uzbekistan Road Show тадбирлари доирасида ICG маҳсулотлари Европанинг потенциал ҳамкорлари ва импортчиларига тақдим этилди.

Францияда Infinity Copper Group томонидан ишлаб чиқарилаётган мис маҳсулотларини етказиб бериш бўйича музокаралар ўтказилди. Дастлабки босқичда 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Франциялик ҳамкорларга корхона маҳсулотларининг намуналари ҳам тақдим этилди.

Польшада томонлар маҳаллий импортчилар ва дистрибьюторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Марказий ва Шарқий Европа бозорларига етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.

O‘zeltexsanoat маълумотларига кўра, эришилган келишувлар ICG компаниясига Европа бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, янги савдо ҳамкорларини жалб қилиш ва Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари экспорти географиясини кенгайтириш имконини беради.