in

Тошкент метрополитени йўловчилар оқими бўйича рекорд ўрнатди

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент метрополитени 28 сентябрь куни бир суткада ташилган йўловчилар сони бўйича янги тарихий максимумни қайд этди.

Бир сутка давомида метрополитен хизматларидан 1 200 124 нафар йўловчи фойдаланди. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.

Янги кўрсаткич Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотларига кўра, 21 сентябрь куни қайд этилган 1,18 миллион нафарлик аввалги рекорддан қарийб 20 минг йўловчига кўп бўлди.

Янги кўрсаткич қайд этилгани муносабати билан метрополитен ходимлари бир кунда метро хизматидан 1 200 000-нафаринчи бўлиб фойдаланган йўловчини аниқлаш тадбирини ташкил қилди.

Эълон қилинган видеолавҳаларга кўра, бу йўловчи «Халқлар дўстлиги» бекатида метрога кирган қиз бўлган.

Йўловчига эсдалик совғаси ҳамда бир йил давомида бепул йўл ҳақидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи транспорт картаси топширилди.

Метрополитенда қайд этилишича, янги рекорд пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари томонидан ерости транспорти хизматларига бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатади.

Ташкилот йўловчиларга хизмат кўрсатиш қулайлиги, хавфсизлиги ва тезкорлигини ошириш бўйича ишларни давом эттиришини билдирди.

Шу билан бирга, Тошкент жамоат транспорти орасида бир суткада ташилган йўловчилар сони бўйича мутлақ максимум ҳозирча автобуслар ҳисобига тўғри келади.

15 сентябрь куни автобуслар 1 520 113 нафар йўловчини ташиди. Бу кўрсаткич 2025 йил февраль ойида ўрнатилган аввалги рекорддан 7,8 фоизга юқори бўлган.