in

Депутатлар активларнинг йўқолиши учун жарималарни икки баравар камайтиришни таклиф қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали янада ишончли ҳимоя қилиш, ташқи савдо операциялари бўйича низоларни кўриб чиқишда иқтисодий судларнинг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган.

Амалда ташқи савдо операциялари бўйича активларни белгиланган муддатларда қайтариш таъминланмаган тақдирда, резидентларга қайтарилмаган активлар суммасидан келиб чиқиб молиявий жарималар қўлланилади.

Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили айрим ҳолатларда тадбиркор ташқи савдо операциялари бўйича мажбуриятларни бажариш учун ўзига боғлиқ барча чораларни кўрган бўлсада, хорижий ҳамкорнинг ҳаракатлари, тўлов тизимларидаги чекловлар ёки бошқа объектив омиллар сабабли активларни ўз вақтида қайтариш имкони бўлмаслигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, амалдаги тартиб судларга бундай ҳолатларни тўлиқ инобатга олиб, жарима миқдорини мутаносиб равишда камайтириш имконини етарлича бермайди.

Маълумотларга кўра, иқтисодий судлар томонидан мазкур тоифадаги ишлар бўйича 2024 йилда 3,5 мингга яқин тадбиркорга 752 млрд. сўмлик, 2025 йилда эса 9,1 мингдан ортиқ тадбиркорга 3,3 трлн. сўмлик молиявий жарималар қўлланилган. Бу эса ташқи савдо фаолиятида инсофли ҳаракат қилган тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча ҳуқуқий механизмларини яратиш заруратини кўрсатади.

Шу боис қонун лойиҳа билан жарима миқдорини 50 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.