Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева хизмат сафари билан Тошкентга келган Америка Қўшма Штатларининг Савдо вакили, элчи Жеймисон Грир билан учрашув ўтказди.
Саида Мирзиёева америкалик юқори лавозимли дипломат билан икки томонлама мулоқотни айнан Ўзбекистон пойтахтида давом эттириш имкониятидан мамнунлигини билдириб, давлатлараро алоқалар ривожидаги ижобий изчилликни алоҳида таъкидлади.
Музокаралар давомида томонлар сўнгги бир йил ичида шериклик муносабатлари жадал суръатларда ривожланаётганини юқори баҳоладилар. Қайд этилишича, амалга оширилган кенг кўламли қўшма ишлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни стратегик ҳамкорликнинг янги ва янада юқори босқичига олиб чиқди.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги фаол мулоқот республика бозорида Америка бизнеси иштирокини кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва тижорий асос яратишга хизмат қилмоқда.
Учрашувнинг асосий амалий натижаси сифатида икки томонлама ҳужжатларнинг йирик пакети тайёрлаш ишлари якуний босқичга етгани маълум қилинди. Яқин вақт ичида икки давлатнинг тегишли идоралари ўзаро савдо ва инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш бўйича стратегик келишувни имзолаши кутилмоқда.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Жеймисон Грирга республикага қаратаётган шахсий эътибори ҳамда кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирди.
