Тошкент, Ўзбекистон — “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–1162-сон, 05.08.2026 й.) қабул қилинди.
Қонуннинг мақсади Ўзбекистонда автомобиль йўлларини ривожлантириш, улардан фойдаланиш ва йўл фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунга кўра, Ўзбекистонда автомобиль йўллари қуйидагича таснифланади: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари), хўжалик автомобиль йўллари.
Автомобиль йўллари фойдаланиш режимига кўра бепул ёки белгиланган тартибда пулли бўлиши мумкин.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб, улар Автомобиль йўллари қўмитасининг ихтиёрида бўлади ва чекланмаган доирадаги шахсларнинг транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжаллангандир.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги ажратилган минтақанинг минимал ўлчамлари қуйидагилардан иборат: І тоифа автомобиль йўлларида – 80 метр, II тоифа автомобиль йўлларида – 60 метр, III ва IV тоифа автомобиль йўлларида – 40 метр, V тоифа автомобиль йўлларида – 25 метр.
Йўл бўйи минтақаси – бу ажратилган минтақага иккала томонидан туташган, чегараларида транспортнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун ердан фойдаланишнинг алоҳида шартлари белгиланадиган ер участкасидир.
Автомобиль йўллари қўмитаси автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли органдир.
