Тошкент, Ўзбекистон — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг Ҳиндистон Республикасига хизмат сафари доирасида мамлакатнинг етакчи фармацевтика компанияларидан бири — Mankind Pharma раиси Рамеш Жунежа (Ramesh Juneja) билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий дори воситалари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар (R&D) соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, фармацевтика тармоғида технологиялар трансфери ва юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқаришларни ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашув давомида «BioPharma City» фармацевтика кластери тақдимоти ўтказилиб, унинг имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тақдим этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
"Mankind Pharma" раҳбарияти Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантириш учун яратилган имкониятларни юқори баҳолаб, инвестициявий ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.
Mankind Pharma 1995 йилда ташкил этилган Ҳиндистоннинг энг йирик фармацевтика компанияларидан бири бўлиб, рецепт асосида ва рецептсиз бериладиган дори воситалари, шунингдек, истеъмолчилар саломатлиги учун мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Компания маҳсулотлари 70 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилиниб, халқаро бозорларда муваффақиятли фаолият юритмоқда.
