Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 26 июль куни Қобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳамда Афғонистоннинг Транспорт ва авиация вазири Муҳаммад Фозил Мазлум ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида икки давлат ўртасида автомобиль ташувларини ривожлантириш, миллий ташувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон ташувчиларидан ундириладиган йиғимларни мақбуллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар йиғимлар миқдорини қисқартириш ва уларни ўзаро тенглик тамойили асосида белгилаш юзасидан идоралараро Ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашувини 2026 йил 10 августга қадар ўтказишга келишиб олдилар.
Шунингдек, миллий халқаро ташувчилар фаолиятида учраётган мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Афғонистоннинг тегишли мутасадди идоралари вакиллари иштирокида яқин муддатларда алоҳида учрашув ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида транспорт ва транзит соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро юк ташувларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари учун янада қулай логистика шароитларини яратишга хизмат қилади.
