Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсиз муносабат ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун 1246 қисқа рақами орқали ишонч телефонини ишга туширди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Фуқаролар болага нисбатан жисмоний, психологик ёки жинсий зўравонликка, унинг эҳтиёжларига бепарволик ёки шафқатсиз муносабатнинг бошқа шаклларига гувоҳ бўлган тақдирда, ишонч телефонига мурожаат қилишга чақирилди.
Шунингдек, 1246 рақами орқали боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи вазиятлар ҳақида ҳам хабар бериш мумкин.
Агентликда мурожаат қилувчининг шахси махфийлиги кафолатланишини маълум қилди. Айни вақтда колл-марказ тест режимида ишламоқда.
Идорада ҳар бир бола хавфсиз ва қулай муҳитда улғайиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаб, фуқароларни унинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида зудлик билан хабар беришга чақирди.
