Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон аэропортлари 2026 йил биринчи ярим йиллигида 8,15 млн нафар йўловчига хизмат кўрсатиб, йўловчи оқимини 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга оширди. Олти ой давомида мамлакат аэропортлари 64 831 та рейсни қабул қилди ва жўнатди, қайта ишланган юк ва почта ҳажми эса 33 фоизга ошиб, 51 546 тоннани ташкил этди.
Халқаро йўналишларга 47 371 та рейс ва 6,7 млн нафар йўловчи тўғри келган. Ички рейслардан эса 17 460 та парвоз амалга оширилиб, улардан 1,46 млн киши фойдаланган.
Ташишларнинг энг катта ҳажми Тошкент халқаро аэропорти ҳиссасига тўғри келди. Ҳисобот даврида аэропорт 40 283 та рейсга хизмат кўрсатди, бу ўтган йилга нисбатан 7 фоиз кўп. Пойтахт аэропортида йўловчи оқими 17 фоизга ошиб, 5,36 млн кишига етди. Қайта ишланган юк ва почта ҳажми эса 33 фоизга кўпайиб, 48 170 тоннани ташкил қилди.
Тошкент аэропорти кўрсаткичларининг ўсиши йўналишлар тармоғининг кенгайиши билан боғлиқ. Биринчи ярим йилликда China Eastern Шанхайдан, Asiana Airlines Сеулдан ва Shirak Avia Еревандан пойтахтга янги рейсларни йўлга қўйди. Резидент авиакомпаниялар ҳам янги халқаро йўналишларни очди ва айрим амалдаги йўналишлар бўйича парвозлар частотасини оширди.
Ҳудудий аэропортлар орасида йўловчи оқимининг энг сезиларли ўсиши Андижанда қайд этилди — 2249 фоиз. Бундай натижа аэропорт кенг кўламли реконструкциядан сўнг тўлиқ фаолиятини қайта тиклагани билан изоҳланади. Андижон аэропорти аэродром мажмуаси тўлиқ янгиланганидан сўнг 2025 йил 20 март куни қайта очилди. Натижада у замонавий кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди. Шу сабабли 2026 йил биринчи ярим йиллиги кўрсаткичлари аэропорт ҳали тўлиқ қувватда ишламаган давр билан таққосланмоқда.
Термиз, Урганч ва Нукус аэропортларида ҳам йўловчи оқими сезиларли даражада ўсди — мос равишда 52, 24 ва 23 фоиз. Бу динамикага янги халқаро рейсларнинг очилиши ва туристик мавсумда талаб юқори бўлгани фонида ички парвозлар сонининг кўпайиши таъсир кўрсатди.
Айни пайтда Фарғона, Наманган, Қарши ва Навоий аэропортларида айрим кўрсаткичлар пасайди. Бу йўналишлар тармоғининг ўзгариши, айрим йўналишларда талабнинг қайта шаклланиши ҳамда жорий геосиёсий вазият таъсири билан боғлиқ бўлиб, авиакомпаниялар парвозлар жадвалини қайта кўриб чиқди.
Умуман, Ўзбекистон аэропортлари биринчи ярим йиллик якунларига кўра ижобий динамикани сақлаб қолди: рейслар сони 8 фоизга, йўловчи оқими 16 фоизга, қайта ишланган юк ва почта ҳажми эса 33 фоизга ошди.
