in

Ўзбекистон Туркий Жамғарма билан солиқ ислоҳотларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Солиқ қўмитасида раис ўринбосари Жахонгир Абдиев ҳамда Туркий инвестиция жамғармаси президенти Багдад Амреев бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди. Б. Амреев эса ўз навбатида иштирокчиларни Жамғарманинг мақсад ва вазифалари, устувор фаолият йўналишлари ҳамда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари билан таништирди.

Учрашувда икки томон мутахассислари Жамғарманинг асосий ҳужжатларини амалда татбиқ этиш масалаларини, хусусан солиқ маъмуриятчилигига оид жиҳатларни батафсил муҳокама қилдилар. Жумладан, харидларни амалга оширишда солиқ имтиёзларини қўллаш, ҚҚС, акциз ва бошқа солиқлардан озод этиш тартиблари кўриб чиқилди.

Муҳокамалар якунида белгиланган йўналишлар бўйича тезкор ҳамкорликни таъминлаш учун масъуллар белгиланди.

Томонлар келгусида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдириб, доимий ишчи мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Туркий инвестиция жамғармаси – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий интеграцияни ривожлантиришга қаратилган илк қўшма молиявий институт ҳисобланади.

У иқтисодий ҳамкорлик, савдо ва инвестицияларни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган. Жамғарма 2024 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон унинг иштирокчи давлатлари ҳисобланади.