in

Мирзиёев Тошкентдаги янги Павилион мажмуасига ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон — Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида янги бунёд этилган “Pavilion” савдо мажмуасини бориб кўрди.

Сўнгги йилларда юртимизда қурилиш материаллари саноати жадал ривожланиб, тармоқда ишлаб чиқариш билан бирга савдо ва сервис инфратузилмасини замонавий асосда ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур мажмуа ана шундай ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди. Ташаббускор инвестор томонидан лойиҳага 25 миллион доллар сармоя йўналтирилган. Мажмуа 4,6 гектар ҳудудда барпо этилган бўлиб, 42 минг квадрат метр қурилиш ишлари бажарилган. Ҳудудда 1 минг ўринли автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.

Уч қаватли мажмуада савдо дўконлари билан бирга кенг йўлаклар, очиқ ва қулай жамоат майдонлари, харидорлар учун замонавий шароит яратилган. Энг муҳими, бу ерда қурилиш материаллари савдосини тарқоқ ва тирбанд шаклдан чиқариб, тартибли, шаффоф ва харидорбоп тизим асосида йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2 минг нафар аҳоли иш билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбарига мажмуа фаолияти ва имкониятлари ҳақида ахборот берилди. Президентимиз қурилиш маҳсулотлари дўконларини кўздан кечирди.

Бу ерда 500 та дўкондаги қурилиш ва таъмирлаш учун зарур маҳсулотларни бир жойда таклиф этиш имконияти яратилади. Барча маҳсулотлар ва уларнинг нархи ягона электрон платформа орқали шаффоф кўриниб туради. Бу эса ҳам тадбиркорлар, ҳам харидорлар учун вақт, маблағ ва танлов имконияти нуқтаи назаридан катта қулайлик яратади.

Мажмуа йилига 3 миллионгача харидорга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Ҳудудда хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бутун савдо комплекси 500 та замонавий кузатув камераси билан қамраб олинган.

Президентимиз ушбу мажмуа шунчаки савдо нуқталари жамланмаси эмас, балки қурилиш материаллари бозорида янги маданият, янги сифат ва янги хизмат стандартларини шакллантирадиган маскан бўлиши кераклигини таъкидлади.

Тошкентнинг тарихий ўн иккита дарвозаси бўлганини эслатиб, бугун пойтахт атрофида ҳам шундай, турли йўналишларга ихтисослашган замонавий савдо марказларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

– Халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб, истаклари ортаяпти. Бу каби савдо мажмуаларида миллий маҳсулотларимизга кўпроқ ўрин бериш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш ва логистикани тўғри йўлга қўйиш лозим, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.