Тошкент, Ўзбекистон — Франция Республикасига амалга оширилган хизмат сафари доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Бобокалонов “Stem International” компанияси Президенти – бош директори Винсент Тассар билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда, хусусан Тошкент вилояти ва Жиззах вилоятида амалга оширилаётган тоғ туризми лойиҳалари муҳокама қилиниб, замонавий курорт инфратузилмасини ривожлантиришда халқаро компанияларнинг иштирокини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, компаниянинг муҳандислик, лойиҳалаш ва инфратузилма ечимлари соҳасидаги тажрибасини инобатга олган ҳолда, устувор туризм ҳудудларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва аниқ лойиҳалар доирасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.
“Stem International” — муҳандислик ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган халқаро компания бўлиб, транспорт, энергетика ва туризм соҳаларида комплекс ечимлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади. Компания йирик инвестиция ва қурилиш лойиҳаларини лойиҳалаш, бошқариш ва амалга ошириш бўйича тажрибага эга.
