Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида «InFinBank» АЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, «InFinBank» АЖ акциядори Фарҳод Мамаджанов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
Мазкур меморандум доирасида «InFinBank» томонидан ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасидаги оғир ижтимоий вазиятдаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланди.
Лойиҳа доирасида ёш оилалар яшаб келаётган оғир аҳволдаги уй-жойлар ўрнига янги уй-жойлар қуриб берилиб, зарур инфратузилма яратиш ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш ишлари амалга оширилади. Жами 101 та уй-жой қурилиши кўзда тутилган.
Ушбу меморандум Қорақалпоғистон Республикасидаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилади.
