Тошкент, Ўзбекистон — Бухоро вилоятида туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари пора олиш вақтида қўлга олинди, шунингдек бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, туман соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи савдо қилиш билан шуғулланувчи МЧЖ ўртасида 1 миллиард 2 миллион сўмлик тиббий маҳсулот хариди бўйича шартнома тузилган.
Дастлаб шартнома маблағининг 30 фоизи компания ҳисоб рақамига ўтказилган. Кейинчалик туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари қолган 70 фоиз маблағни ўтказиш ва келгусидаги ҳамкорлик учун шартнома қийматининг 15 фоизи миқдорида, яъни 150 миллион сўм «мукофот» талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида у турмуш ўртоғи орқали 11 800 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, аниқланишича, мансабдор шахс жорий йилда оилавий поликлиника ходимларига ажратилган 448 миллион сўм маблағни ярмини қайтариш шарти билан берган ва ноқонуний равишда 92 миллион сўмни қайта олган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича, МЧЖ вакилига нисбатан эса 211-моддаси (пора бериш) бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда дастлабки тергов давом этмоқда.
