in

Каннаваро 4 млн евро маош ҳақидаги миш-мишларни рад этди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро унинг йиллик иш ҳақи 4 млн еврони ташкил этиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда италиялик мутахассис матбуот анжуманида маълум қилди.

Журналистлар саволларига жавоб берар экан, Каннаваро бундай маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаб, тарқатилаётган миш-мишларга ишонмасликка чақирди.

«Менинг йиллик маошим 4 млн евро эмас. Бу каби ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар жуда кўп такрорланади ва уларга ишонмаслик керак», — деди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи.

Матбуот анжумани давомида Каннаваро билан бирга иш олиб бораётган мураббийлар штаби аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласига ҳам ойдинлик киритилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош мураббий ёрдамчиларига алоҳида иш ҳақи тўламайди.

Улар Фабио Каннаваронинг шартномаси доирасида фаолият юритади, уларнинг меҳнати учун тўланадиган ҳақ эса бош мураббий билан тузилган шартномада назарда тутилган умумий маблағ ҳисобидан қопланади.