in

IT Park ўзбек стартапларига инвестицияларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — IT Park Uzbekistan Princeville Capital ва Hypernova Capital компаниялари билан Ўзбекистон технологик компанияларига халқаро инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилди. Учрашув ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида бўлиб ўтди.

Музокараларда Princeville Capital ҳамкори Антони Доу ва Hypernova Capital бошқарув ҳамкори Тугче Эргюл иштирок этди. Томонлар Ўзбекистон стартаплари учун ривожланишнинг турли босқичларида, яъни илк босқичдан ўсиш босқичига қадар инвестиция имкониятларини кўриб чиқди.

Муҳокаманинг асосий йўналишларидан бири маҳаллий венчур фондлар билан коинвестиция механизмлари, Ўзбекистон стартапларининг халқаро инвесторлар тармоғига кириши ва технологик компанияларни хорижий бозорларга олиб чиқиш масалалари бўлди.

Princeville Capital ва IT Park Uzbekistan вакиллари сунъий интеллект соҳасида истиқболли стартаплар оқимини шакллантириш имкониятларини алоҳида муҳокама қилди. Бундай лойиҳалар фонднинг инвестиция оқимига кириши ва кейинги босқичларда халқаро инвесторларни жалб қилиши мумкинлиги қайд этилди.

Hypernova Capital билан Ўзбекистон венчур экотизимига Осиёдаги LP-инвесторлар капитали жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари маҳаллий венчур фондлар ва LP-инвесторларнинг халқаро тармоғи ўртасида алоқалар ўрнатиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Осиё капитали учун жозибадорлигини ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Бундан ташқари, томонлар ўзбекистонлик стартапларнинг Кремний водийси, Европа, Яқин Шарқ ва Осиёдаги инвесторлар ҳамда менторлар билан алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Ҳамкорликнинг потенциал йўналишлари сифатида саноат, сунъий интеллект, барқарор ривожланиш ва рақамли трансформация қайд этилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар сунъий интеллект стартаплари учун халқаро инвестициялар оқимини кенгайтириш, Ўзбекистонга Осиё LP-инвесторлари капиталини жалб қилиш ва маҳаллий венчур экотизимининг глобал инвесторлар тармоғи билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.