in

IT Park ва Headline Asia венчур ҳамкорликни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида IT Park Uzbekistan вакиллари Headline Asia VC ҳамкори Кадзухиро Оёси билан учрашув ўтказди.

Томонлар венчур бозорини ривожлантириш, ўзбекистонлик стартапларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашувда Headline Asia’нинг Марказий Осиёда эҳтимолий фаолияти масаласи ҳам кўриб чиқилди. Иштирокчилар фонднинг минтақавий офисини очиш ва унинг штаб-квартирасини Тошкентда жойлаштириш истиқболини муҳокама қилди.

Японияда ўзбек асосчилари томонидан ташкил этилган стартапларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар уларни қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари, шунингдек, бундай компанияларни Headline Asia инвесторлари ва ҳамкорлари тармоғига жалб қилиш истиқболларини муҳокама қилди.

Headline Asia VC Токио шаҳрида жойлашган бўлиб, асосан Seed ва Series A босқичларидаги технологик стартапларга инвестиция киритади.

Фонднинг асосий йўналишлари қаторида электрон тижорат, логистика, молиявий технологиялар ва сунъий интеллект бор. Тақдим этилган маълумотларга кўра, фонд 100 дан ортиқ стартапга инвестиция киритган.

Иштирокчилар, шунингдек, Headline Asia’нинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш, маҳаллий стартаплар билан ҳамкорлик қилиш ва минтақада венчур ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзбекистонлик стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, венчур инвестициялар ва минтақавий шерикликни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.