in

Аичи-Нагоя-2026: Ўзбекистон эшкак эшишда учта кумуш медаль қўлга киритди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон терма жамоаси Аичи-Нагоя-2026 XX ёзги Осиё ўйинларининг олтинчи кунида байдарка ва каноэда эшкак эшиш мусобақаларида учта кумуш медални қўлга киритди.

Бу кунги биринчи медални байдаркада беллашган аёллар экипажи олиб келди. 500 метр масофага К4 дастуридаги финал баҳсида Екатерина Шубина, Арина Танатмишева, Милана Душев-Янич ва Шаҳризода Мавлонова иккинчи бўлиб маррага етиб келди ва кумуш медалларга сазовор бўлди.

Каноэда эшкак эшишда яна бир кумуш медални Владлен Денисов қўлга киритди. 500 метр масофага яккалик баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси вакили ҳам иккинчи ўринни эгаллади. Бу медаль унинг жорий Осиё ўйинларидаги иккинчи кумуш медали бўлди.

Эшкак эшишдаги учинчи кумуш медални Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Закирова қўлга киритди. Каноэда 500 метр масофага аёллар жуфтлиги ўртасидаги баҳсда ўзбекистонлик спортчилар марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди.

Шу тариқа, Аичи-Нагоя-2026 Осиё ўйинларининг олтинчи кунида Ўзбекистон вакиллари эшкак эшиш мусобақаларида медаллар жамғармасини бирданига учта кумуш медаль билан бойитди.