in

Ўзбекистон US Open-2026да уч теннисчи билан қатнашиши мумкин

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон 2026 йилги АҚШ Очиқ чемпионатида (US Open) уч нафар теннисчи билан иштирок этиши мумкин. Камилла Раҳимова ва Мария Тимофеева мусобақанинг асосий тўрида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди, Полина Кудерметова эса саралаш босқичига йўлланма олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Теннис федерацияси хабар берди.

Раҳимова WTA рейтингида 78-ўринни, Тимофеева эса 84-ўринни эгаллаб турибди. Жаҳон рейтингида 111-поғонада турган Кудерметова мусобақани саралаш босқичидан бошлайди. У саралашдан муваффақиятли ўтган тақдирда, US Open асосий тўрига ҳам йўл олиши мумкин.

Шу тариқа, Ўзбекистон «Катта дубулға» туркумидаги мусобақаларнинг аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида ўз вакиллари сони бўйича рекорд ўрнатиши мумкин. Аввал Нью-Йоркда мамлакат шарафини бир неча йил давомида Денис Истомин ва Оқгул Омонмуродова ҳимоя қилган.

US Open-2026 мусобақаси Нью-Йоркда 23 августдан 13 сентябрга қадар ўтказилади. Турнирнинг соврин жамғармаси рекорд даражадаги 108 миллион долларни ташкил этади. Яккалик баҳсларида асосий тўрнинг биринчи даврасига чиққан иштирокчиларнинг ҳар бири 140 минг доллардан олади.