Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида кучланиши 110/35/10 кВ, қуввати эса 2×80 МВА бўлган янги электр подстанцияси қурилди. Унинг қувватининг бир қисми яқин атрофдаги турар жой массивлари ва аҳоли пунктларини электр энергияси билан таъминлашни яхшилашга йўналтирилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Янги подстанция «Янги авлод» махсус саноат зонаси корхоналарини ҳам алоҳида энергетика инфратузилмаси билан таъминлайди. Бу саноат объектларига электр энергиясини махсус ажратилган инфратузилма орқали олиш имконини беради ва туман аҳолиси фойдаланадиган умумий электр тармоғига қўшимча юклама тушишининг олдини олади.
Ҳокимлик маълум қилишича, янги объект аҳолини электр энергияси билан янада барқарор таъминлаш, амалдаги тармоқлардаги юкламани камайтириш ва уларнинг ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Подстанция Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги 598-сон қарорига мувофиқ қурилган.
