in

Ўзбекистон давлат харидларини рақамлаштиришда Корея тажрибасини ўрганмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон делегацияси Корея Республикасига хизмат сафари давомида давлат харидларини рақамлаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, технологиялар трансфери ва институционал ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган қатор учрашувлар ўтказди.

Делегация таркибидан Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ўрин олди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) қароргоҳида томонлар Корея тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда электрон давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Техник ёрдамни жалб қилиш ва грант дастурларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, томонлар кореялик экспертларни жалб қилиш ҳамда тегишли соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш масалаларини кўриб чиқди.

Корея Савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги (KOTRA) раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш учун истиқболли бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корея компаниялари билан алоқалар ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.

Томонлар Корея бизнеси вакиллари билан B2B учрашувлар ўтказиш, технологик шерикликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.

Сафарнинг алоҳида йўналиши Корея Республикаси Давлат харидлари хизмати (PPS) тажрибасини ўрганиш билан боғлиқ бўлди.

Делегация вакиллари харидларни марказлаштирилган бошқариш амалиёти ва KONEPS электрон тизими фаолияти билан танишди.

Хусусан, электрон каталоглар ва рамкали келишувлар, нархларни мониторинг қилиш, етказиб берувчиларни баҳолаш, TCO ёндашувини қўллаш, электрон шартномалар ва тўловлар, шунингдек, давлат ахборот тизимларининг интеграциясига эътибор қаратилди.

Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда хавфларни таҳлил қилиш механизмлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, делегация Электроника ва телекоммуникациялар тадқиқот институтига (ETRI) ташриф буюриб, сунъий интеллект, рақамли ва телекоммуникация технологиялари, юқори аниқликдаги телевидение ҳамда автоном транспорт соҳаларидаги замонавий ишланмалар билан танишди.

Ўтказилган учрашувлар Корея тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистон ҳамда Корея Республикаси ўртасида давлат харидлари, саноат кооперацияси ва замонавий технологиялар соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг амалий йўналишларини излашга бағишланди.