Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 19–21 май кунлари Хитой Давлат Тараққиёт Банки вакиллари юртимизга хизмат ташрифи билан келишди. Ташриф доирасида бугун, 21 май куни «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг “2-Автобус саройи”да делегация вакиллари кутиб олинди.
Учрашув давомида вакилларга жамият фаолияти, пойтахт жамоат транспорт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, автобус йўналишларининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий банки, шунингдек, Хитойнинг йирик автобус ишлаб чиқарувчи “XIAMEN KING LONG” ва “YUTONG BUS CO., LTD.” компаниялари вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Хитой давлатидан харид қилинган замонавий автобусларни кўздан кечириб, уларнинг техник имкониятлари, қулайликлари ва эксплуатация жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, жамоат транспорти тизимини ривожлантириш ҳамда замонавий транспорт хизматларини кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
