Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Покистоннинг “HRL Group” компанияси ижрочи директори Обид Чима билан учрашувди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, замонавий шаҳарсозлик ечимлари, йирик инфратузилма ва қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш, рақамли технологияларни жорий этиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда фойдали қазилма конларини ўзлаштириш соҳаларида амалий ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Учрашув якунида лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш мақсадида вазирлик ва идоралар даражасида мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
“HRL Group” – Покистоннинг етакчи муҳандислик-қурилиш гуруҳи бўлиб, у “ақлли шаҳар”, уй-жой қурилиши, инфратузилма, йўл ва магистраллар, IТ-инфратузилма, маълумотлар марказлари ҳамда саноат сектори лойиҳаларига ихтисослашган. Компания Покистонда кенг кўламли урбанистик ташаббусларни ва “Smart City” лойиҳасини муваффақиятли амалга оширган.
