Тошкент, Ўзбекистон — Учқўрғон туманида саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилди. “UZTEX GROUP” компанияси негизида ташкил этилган “Учқўрғон текстил” МЧЖ ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур корхона замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилган бўлиб, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган деним (жинси) матоси учун 3 та калава ипни бирлаштириб, ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу эса маҳсулот турларини кенгайтириш, сифатни ошириш ва халқаро бозорда рақобатбардошликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион долларни ташкил этиб, унинг доирасида 270 та янги иш ўрни яратилди. Бу — юзлаб оилалар учун барқарор даромад манбаи, ёшлар учун эса янги имконият демакдир. Айниқса, туманнинг олис ҳудудларида яшовчи аҳоли учун ишлаш имкониятлари янада кенгаймоқда.
Корхонанинг тақдимот маросими катта шодиёнага айланиб кетди. Тадбирда кенг жамоатчилик, соҳа вакиллари, тадбиркорлар ва ёшлар иштирок этиб, Учқўрғонда амалга оширилаётган бундай йирик саноат лойиҳаларини юксак баҳоладилар.
Очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда компания асосчиси Фарҳоджон Мамажонов иштирок этиб, саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталдилар.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Янги корхона фаолиятига тантанали равишда старт берилди.
Таъкидлаш жоиз, корхонада ишчи-ходимлар учун барча замонавий шароитлар яратилган: тиббий хизмат, сифатли озиқ-овқат, қулай транспорт тизими йўлга қўйилган. Бу эса меҳнат унумдорлигини ошириш билан бирга, ходимлар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шу ерда “Меҳнат ярмаркаси” ҳам ташкил этилиб, битирувчи ва вақтинча ишсиз ёшлар учун мавжуд бўш иш ўринлари тақдим этилди.
