in

ЕИ Ўзбекистон компанияларига санкция жорий этди

Тошкент, Ўзбекистон — Европа Иттифоқи Россияга қарши 20-пакет санкциялари доирасида пахта целлюлозаси ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи Ўзбекистоннинг икки компаниясига нисбатан чекловлар жорий этди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Кенгашининг «ЕИ расмий журнали»да эълон қилинган баёнотида хабар берилди.

Санкциялар Фарғона пахта целлюлозаси ишлаб чиқариш кимё заводи ҳамда Raw Materials Cellulose компаниясига нисбатан қўлланилди.

Бундан аввал ушбу корхоналарга нисбатан шунга ўхшаш чоралар Буюк Британия ва Украина томонидан ҳам жорий этилган эди. Ғарб давлатлари баҳосига кўра, мазкур компаниялар маҳсулотлари Россия қуролли кучлари учун қурол-яроғ ишлаб чиқаришда қўлланилиши мумкин бўлган.

Икки тузилма илгари хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан ўтказилган қўшма суриштирувда ҳам тилга олинган. Нашрларда таъкидланишича, корхоналар пахта целлюлозасини Россиянинг порох заводларига тўғридан-тўғри ва воситачилар орқали етказиб берган. Журналистлар маълумотига кўра, бундай етказиб бериш ҳажмлари 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг сезиларли даражада ошган.